Свернуть поиск
Дополнительная колонка
Правая колонка
Осмон тунд. Куннинг кўзи кўринмаса ҳам ҳаво дим. Юракни сиқади. Бунақа пайтда ойимнинг соғлиғи бўлмайди. Бошини кўтара олмай ётиб қолади.
Эрталабдан уч-тўрт хил оғриқ қолдирувчи дори ичиб олди.
Ойим нафақага чиққанига икки йил бўлди, аммо ҳали ҳам ишлайди.
"Иш-иш, деб умрим ўтяпди" — дейдилар баъзан. Дадам беозор одам. Ишга боради, ишдан келади. Гапирса, яхши гапиради.
Уйда мендан ташқари яна битта синглим, битта укам бор.
Ёшим йигирма олтига қараб кетяпди. Институтни битириб ишга кирганимга ҳам уч йил бўлди. Синфдошларимнинг деярли барчаси турмушга чиқиб кетди. Ҳамманинг пешонасига ёзган жуфти бор. Ким тоқ ўтибди-ки, мен тоқ ўтсам. Фақат одамлардан уяламан. Вақт жуда тез ўтаётганга ўхшайди.
Ўқув марказидан чиққанимда ёмғир томчилай бошлади. Ҳозир қишнинг охирги ойидамиз. Ҳадемай баҳор келади. Умримнинг баҳори қачон келар экан?
Ёмғирни яхши кўраман. Оҳиста юриб кетдим. Тошкент— чиройли шаҳар. Бу ерда турли вилоятлардан келган одамлар аралашиб яшайверади. Кўпчилик олийгоҳга ўқишга киради, севишиб турмуш қуради ва пойтахтда яшаб қоладилар. Тошкентнинг бағри кенг! Шаҳар йилдан йилга кенгайиб, кўркамлашиб, одамлар яшайдиган жойлар зичлашиб бормоқда. Ота-онам Ўзбекистоннинг жанубий вилоятларидан. Дадам заводда муҳандис, ойим давлат корхонасида кичикроқ амалдор. Назаримда, онам отамни менсимайди.
Уйга яёв юриб етиб бордим. Бугун тушгача битта, тушдан сўнг яна битта гуруҳга дарс ўтдим. Уйимиз кўп қаватли, аммо биринчи қаватда яшаймиз. Йўлак тагида Салима опоқи неварасини аравачасига солиб панада олиб турган экан. Салом бердим.
— Маҳлиё қизим, яхшимисан? Ишданми?
— Ҳа,—қадамимни тезлаштирдим.
Ўтган йили уйимизни таъмирлатиб, янги жиҳозлар олганмиз. Кирган одам борки, "Уйингиз файзли",-дейди. Кийимларимни алмаштириб ошхонага ўтдим. Синглим билан укам тушдан кейин ўқийди. Ҳали замон жамул-жам бўламиз. Тезроқ овқатнинг ҳаракатини қилай. Ҳамма ўзбек хонадонлари каби бизнинг ҳам ошхонамиз балконга кўчирилган. Осонгина димлама солиб қўя қоламан. Музлаткичдан керакли маҳсулотларни олдим. Қозонга аввал ёғлироқ гўштларни, сўнг пиёз, сабзи, картошка, каром, булғор қалампири, кўкатларни солиб, орасига туз сепиб бордим.
Энг устидан зира сепиб, бир чўмич ёғ, ярим коса сув солиб, газга қўйиб юбордим. Ана бўлди! Узоғи билан бир соатда овқатим пишади.
Анчадан бери тузукроқ иш қидираётган эдим. Телефондаги ҳар хил гуруҳларга кираман, ўз соҳам бўйича иш қидираман. Кеча ҳам курсдошларимнинг гуруҳига чет эл фирмаси бўлса, иш топилса, хабар қилишларини сўраган эдим.
Адҳам қандайдир номер ташлабди.
"Маҳлиё, шу йигит билан гаплашиб кўринг, рус тилини ҳам ўзбек тилини ҳам яхши биладиган мутахассис қидираётган эди" Ҳеч иккиланмасдан телеграмдан ёздим. Ўзимни таништирдим.
Йигит кўп куттирмади. Эртага Қозоғистон элчихонаси олдида учрашадиган бўлдик. Элчихонада ишлашим мумкинлигини ўйлаб ҳаяжонланиб, яхши ухлолмадим.
Эрталаб офисбоп либослар баланд пошнали туфли кийиб, сочларимни ҳам турмаклаб, ихчам сумкамни қўлга олганча йўлга чиқдим. "Буюк ипак йўли" метро бекатига тушиб кетар эканман, ичимда дуо ўқиб борар эдим. "Ойбек" метро бекатидан чиқиб у ёғига пиёда кетдим. Баҳор нафаси сезилиб қолган, майин шамол эсиб турарди. Шу кўчада қатор элчихоналар жойлашган. Кўркам, салобатли бинолар безаган кўча. Негадир, машиналар қатнови ҳам кам.
Мана етиб келдим. Панжара билан ўралган бино. Эшик олдида махсус кийим кийган қоровул турибди. Нарироқда уч-тўртта одамлар, афтидан элчихона очилишини кутмоқда. Ҳаяжонланиб турибман. Енгил кийинганимгами совуқ қота бошладим. Кўчани, одамларни кузата бошладим. Шундоқ элчихонанинг олдига қора рангли машина келиб тўхтади. Бўйлари баланд, сочлари урфга мос тарашланган, кастюм-шим кийган кўркам йигит тушиб келди. Билагидаги соатига қаради. Кейин кимгадир қўнғироқ қилмоққа тутинди.
"Келишган йигит экан!" Кўнглимдан ўтган ўйдан уялиб тескари қарадим. Элчихона эшиги ҳали ҳам очилмаган, эшик тагида тўпланиб турган одамлар кўпайиб қолган эди.
Бир пайт "Ишқ эртаги" сериалидаги Крач яратган мусиқа янграб қолди. Ёқимли куй қаердан келаётганини излаётган аёлларни кўриб эсимга тушди. "Вой, телефоним!"
— Ассалому алайкум, Маҳлиёхон, келдингизми? Мен шу ердаман. Бирдан ортимга ўгирилдим. Ҳа, бу ўша ўзини Абдуғаффор деб таништирган йигит эди. Аммо уни бунчалар хушсурат деб ўйламагандим. Менинг бўйим баланд. аммо пошнада у йигитнинг елкасидан сал баланд эдим.
Йигит шаҳдам юриб ёнимга келди. Бир лаҳза бир-биримизга қараб қолгандек бўлдик. Тез ҳушимни йиғиб,ерга қараб олдим
.—Кетдикми?-деди йигит.
—Майли.
Ўша куни ишимиз битмади. Биздан олдин яна бир номзод бор экан. Хужжатларимни ташлаб кетадиган, маъқулини ишга оладиган бўлдилар...
Йигит мени уйга олиб келиб ташлади. Йўл-йўлакай гаплашиб кетдик. Китоблар ҳақида, қизиқишларимиз ҳақида. Кўчанинг бошида тушаман десам ҳам қўярда қўймай уйимиз олдигача машинада олиб келди. Раҳмат айтиб тушар эканман, умримда биринчи марта қалбим ғалати ҳисларга тўлган, ўзим ҳаяжонда эдим...
Қўлим ишга бормай қолди. Хонамга кириб анча ўтирдим. Юзимга беихтиёр табассум югурар, ишга кирсам у йигитни ҳар куни кўришимни ўйлаб севинчдан юрагим ҳапқириб кетарди.
Ойим ишдан кайфиятсиз келдилар. Ўзи онамнинг хурсанд бўладиган куни жуда кам. Доим ким биландир уришган, ёки кимдир хафа қилган. Овқатим тайёр, уйлар йиғиштирилган эди. Кечки овқатдан сўнг Гулҳаё иккимиз идишларни ювиб, ошхонани йиғиштириб олдик. Синглим иккимизнинг хонамиз битта.У дарс қилгани ўтирди. Мен телефонимни қўлимга олдим.
Абдуғаффордан хабар келибди.
"Чарчаб қолмадингизми?"
Биз шу тариқа танишдик. Гарчи мени элчихонага ишга қабул қилмаган бўлсала-да, ҳаётимда бурилиш бўлган эди. Абдуғаффор ака нияти жиддийлигини айтиб совчи жўнатадиган бўлди. Аслида,, у уйланишга ният қилиб курсдошим Адҳамдан яхши қизлар бўлса таништириб қўйишини сўраган. Уларнинг ота онаси ҳам худди бизники сингари вилоятдан келиб Тошкентда ўрнашиб қолган эди.
Бир ой ичида бир-биримизни анча таниб олдик. Келаётган хафтада уйимизга совчи келадиган бўлди. Очиғи, шундай келишган, кўнли очиқ, беғубор йигит қўлимни сўраганидан бахтиёр эдим. Халқимиз доно. "Ўтирган қиз ўрнини топади!" Эҳтимол, энди ўрнимни топарман...
Ойим анчадан бери қадами узилган совчиларнинг келишини эшитиб кайфияти кўтарилиб кетди. Дадамни мева-чева учун бозорга жўнатди. Ойим дадамга худди боласидек муомала қилади. Баъзан жеркиб ҳам ташлайди.
Ҳозир ҳам олиб келган нарсалари учун дадам бечора уриш эшитиб олди.
Совчилар тушдан кейин келиши керак. Унгача ҳаммасига улгурдик.
"Биз келдик!"
"Келганлар ким?"
"Ойим билан холам!"
"Киринг, сиз ҳам"
"Чақиришса, албатта ,кираман"
Хонамнинг ойнасига йўлакдаги ойнанинг акси тушади.
Ойим эшикни очиб, одатига ярашмаган тарзда меҳмонга қучоқ очди, аммо кейинги аёлни кўриб турган жойида қотиб қолди. Шунда ғалати иш бўлди. Иккинчи аёл уйга кирмай остонадан "Кетаман"га тушиб қолди. Биринчи кирган аёл на киришини билади, на кетишини.
—Опа, юринг,-деди ёшроғи ва тўлароқ аёлни етаклагудек қилиб уйдан олиб чиқиб кетмоқчи бўлди. Аммо аёл синглисини уйга киришга кўндирди.
Ойим чой олиб кирганларида ранги ўчиброқ турганини сездим.
Совчилар кетди. Ойим анчагача меҳмонхонада ўтирдилар. Кейин ёнига бордим.
—Нима бўлди, ойи?
—Ҳеч нарса! Кейин ўрнидан туриб кетди. Мен ҳеч қачон онамдан хафа бўлмаганман. Уларни борича яхши кўрганман. Доим кайфиятларига қараб гаплашганман. Аммо хозир хафа бўлдим. Энди мен ҳам ёш бола бўлмадим. Менинг ҳаётим ҳал бўлаётган дақиқалардп нима бўлганини айтиш, наҳотки, шунчалар қийин бўлса?
Негадир, Абдуғаффор ака ҳам қўнғироқ қилмади? Ойим билан холасининг ўртасида нима гап ўтган бўлиши мумкин?
Нега совчилар бизникига бошқа келмади?
Ойим яна ўша тушкун, кайфиятсиз ҳолда ишга бориб кела бошладилар.
Орадан уч кун ўтиб Абуғаффор ака қўнғироқ қилди.
— Маҳлиё, бизникилар яна боришмоқчи. Аммам билан борадилар ойим. Зўрға кўндирдим.
Нимага зўрға кўндиради? Нима бўлган ўзи? Саволларнинг адоғи йўқ, аммо ҳеч ким жавоб бермас эди.
Кечқурун ойимдан сўрайман. Майли, бақирсалар ҳам. Фақат менга ўша куни нима бўлганини тушунтириб берсинлар.
Ойим иддаомни индамай эшитдилар. Кейин
— Ўша куни уйга келган совчининг синглиси билан бирга ишлаганмиз. Орамизда анча дилхираликлар бўлган.
— Нима бўлган?
— Айтдим-ку, дилхираликлар бўлган деб!
—Хўш, нима ўша дилхиралигингиз!
—Мен уни ишда бўшаттирганман.
"Хайрият!" енгил тортаман. Унақа қўрқинчли нарса йўқ экан-ку!
Якшанба куни яна совчилар келади. Мени кўрмоқ истадилар. Салом бериб кириб бордим. Тўла аёлнинг қовоғи солиқ эди. Аммаси сал чиройи очиқроқ экан. Абдуғаффор аканинг онаси мени кўргиси ҳам келмагани юзидан сезилиб турарди. Қандайдир ёқимсиз эди бу учрашув. Кўнглим ғаш тортди.
Совчилар кетгач ойим ўтириб-ўтириб "ўлганининг кунидан келган!" дедилар.
Кейин совчилар яна йўқ бўлэб кетди. Абдуғаффор ака ҳам тайинли бир гап айтмас, аммо ўзим йигитнинг бошини айлантиришга ҳаракат қилардим. Баъзан торт пишириб берар , ўзим совғалар қилар, Абдуғаффор акага ўзимни қаттиқ севиб қолган одамдек кўрсатишга уринар, баъзан раҳмини келтирар— очиғи макр қилардим. Мақсадим: йигитни қўлдан чиқармаслик, шу йилдан қолдирмай эрга тегиб олиш...
Абдуғаффор ака уйидагиларини кўндирди. Хийлаларим иш берганди. Аммо ўз-ўзимга зулм қилаётганимни билмасдим.
Биз фотиҳа қилиндик. Тўй куни белгиланди. Ҳамма нарса қандайдир ғашлик билан бўлаётган эди. Ҳамма сарполао тайёр бўлган, ойим ўйчан аҳволда бозорга бориб келиб юрар, тўй ҳаракати билан овора эди.
Аммо тўйим бўлмади. Қуда томон, барибир, фотиҳани бекор қилди...
Энг кўп изтиробни мен кечирдим. Айниқса, ҳақиқатни билганимдан кейин...
Абдуғаффор аканинг холаси ойим билан бирга ишлаган. Жудаям иқтидорли ишчи бўлган. Нимадир бўлади-ю, бошлиқнинг кўзига яхши кўриниб қолган аёл ойимга ёқмай қолади. Ўтирса ўпоқ, турса сўпоқ. Фурсат топди дегунча обрўсини тўкишга ҳаракат қилади. Аммо аёл ҳам қайсаргина экан, худди сариқ печакдек ойим қанча юлиб отиб юборса, қайтадан кўкариб чиқаверади.
Адоват авж олади. Мен воқеани Абдуғаффор акадан эшитганим учун бир томонда — онамнинг рақибаси томонда туриб гапириб беряпман. Балки ойимнинг ҳам ўз ҳақиқати бўлгандир, қарс икки қўлдан чиқади-ку!
Хуллас ойим қасдлашишдан у аёл курашишдан тўхтамайди. Бир куни ишхонадаги аёлларнинг бир гуруҳини Бухорога командировкага жўнатиш керак бўлади. Олис жой. Хизмат сафари билан борадиганлар рўйхати тайин бўлади ва уларнинг орасида хола бўлмайди. Доим ҳақини талаб қиладиган аёлнинг ҳам тижорат, ҳам саёҳат мақсадида уюштирилган сафарга бормаса ҳам индамай юриши онамда шубҳа уйғотади. Ўзининг махсус "айғоқчи" ларидан суриштириб билса, аёлнинг ўғли бетоб бўлиб қолган экан. Шунда онам ҳамкасбининг адабини бериш учун келган қулай фурсатни қўлдан бой бермаслик ҳаракатига тушади. Рўйхатни қайтадан тузиб, унга холани ҳам тиркаб қўяди! Ўша пайтларда директор меҳнат таътилига кетган бўлиб, ўрнига вақтинчалик ойимни ташлаб кетган эди. Аёл касал боласини ташлаб кета олмаслигини айтиб ойимнинг олдига киради. Шайтон елкасига миниб олгач, одамзотнинг қилаётган амали ўзига чиройли кўринаверади. Ғалаба нашидасини сурган онам вақтинчалик ўтирган лавозимидан фойдаланиб аёлдан ё сафарга боришни, ёки ишдан бўшашни талаб қилади..Турмуш ўртоғи вафот этиб, ёлғиз фарзандини ўзи катта қилаётган аёл ишидан айрилса, боласини қандай боқишини ўйлаб, ноилож касал болани опасига—Абдуғаффор аканинг онасига ташлаб,сафарга жўнаб кетади. Бемор бола хириллаб нафас олаётган бўлса-да, аёл йиғлай-йиғлай йўлга чиқади.
Кечаси боланинг иситмаси кўтарилиб кетади. Тонгни амаллаб оттириб, эрталаб шифохонага келадилар. Шифокор ёзиб берган дориларни олиб уйда муолажа бошлайдилар. Қўшнининг ёшгина келинчаги минг бир азоб билан боланинг томирига тушади, антибиотикни юборади, аммо кичик текширувсиз қилинган укол боланинг томирларига заҳар бўлиб боради...
Боласининг совуқ дийдорини қучиб йиғлаган аёлдан бахтсиз она бўлмаса керак дунёда. Аёл қайтиб ишга бормайди. Ўша ишхонани ҳам, ишни ҳам буткул онамга беради ва улар бошқа учрашмайдилар...
Тасодиф туфайли душманининг уйига келиб қолганини билгач, эски аламлари янгиланади...
—Хуллас, сиз билан тақдиримни боғлай олмайман. Мен ўшанда ёш бўлсам ҳам холамнинг изтиробларини кўрганман. Миттигина жиянимнинг сўнгги дақиқагача "Ойи, ойи",-деб алаҳлаганини эшитганман. Бу ўринда оила аъзоларимнинг ҳар сафар ярасини янгилаш, сизни кўрганда азобларни ёдга тушириш аблаҳлик бўлади деб ҳисоблайман.
Энди мен фотиҳаси қайтган омадсиз қизман. Онасининг кибри, манманлиги туфайли боши эгилган бир забунман. Эҳтимол, ўша воқеалар бўлмаганда дунёдаги энг яхши йигитнинг ёри бўлармидим? Онамдан нафратланиб кетаётган эдим. Абдуғаффор ака мен билан буткул алоқани узди. Телефон рақамини ҳам ўзгартириб, ҳаётимдан бутунлай чиқиб кетди. Яшашдан мақсадим қолмаган, тушкунликка тушиб қолган эдим. Одамлардан қоча бошладим.
Онам нима учун бу қадар худбинлик қилганларига тушунмас, тўғрироғи, ишонмас эдим.
Аммо ҳаётимдаги кейинги воқеалар ҳам туққан онамни яқиндан таниб олишим учун хизмат қилди.
Энди эрмагим-ишим. Ҳам рус тилидан, ҳам инглиз тилидан гуруҳларда дарс бераман. Тинмайман! Уйга боргим келмайди. Онам билан деярли гаплашмаймиз.
Ёз ўтиб, куз келди. Ёшим йигирма еттига қараб борар, фотиҳаси бузилган қиз деган тавқи лаънатни кўтариб юриш азоб эди.
Куз —ғамгин фасл. Баҳорларни енгиб, ёзни ҳайдаб, уч ой саросар изғийди-ю, ўзи қишнинг пойида қурбон бўлади.
Биз яшайдиган мавзеда аввал фақат руслар яшаган. Шунданми, дарахтлар ҳам рус юртидан келиб қолган. Бақатеракларни ёмон кўраман. Ёмғир ёғса, баргларидан қон ҳиди келади. Умри битганини сезган япроқлар ҳавода чирпирак бўлиб айланганча, ноилож ер бағирлайди. Йўлакларнинг четида узун, ингичка бетон ариқлар бор. Ҳазонлар билан тўлган. Ариқлардаги япроқлар ҳам атрофга қон исини таратади.
Ёмғир шивалаб ёғар, ҳазонларни лойга қориб, босиб, янчиб кетиб борардим.
Ҳаво рутубатли, ёқимсиз эди.
Ҳамма нарсадан кўнглим совуб кетган. Дунёдаги ҳамма одамлар онамдек золим, Абдуғаффор акадек хиёнаткор, у кишининг холасидек қасоскор бўлиб кўринарди.
Мана бу ўсмирлар ҳам мактабдан қочиб, учрашиб турибди. Билмайди-ки, эртага шу қиз бойроғини топса, бу йигитни ташлаб кетади. Йигит ҳам бир баҳона туфайли осонгина қиздан кечиши мумкин.
Анави аёл ишдан қайтяпди. Агар кичкинагина амалдор бўлса ҳам, жудаям паст лавозими бўлса ҳам қанчадир одамнинг дилини хуфтон қилиб қайтаётгандир. Худди менинг ойимга ўхшаб! Ойим амал курсисига қаттиқ ёпишиб, уни бир умр ҳимоя қилиб яшади. Ажралса, дунё тугайдигандек.
Бир воқеа эсимга тушиб кетди. Хозир ким айтиб бергани ҳам ёдимда йўқ. Бир ишхонанинг раҳбари бор экан. Ҳамма раҳбарларда бўлгани каби унинг ҳам ўтирадиган курсиси бўлиб, узоқ йиллар унга жойлашиб олиб, одамларни қабул қилибди.
Вақт-соати етиб, уни ишдан бўшатибдилар. У ўзи билан хонанинг иккинчи калитини олиб қолиб, ҳали янги бошлиқ ишга келмасидан бир соат, ярим соат олдин эски жойига бориб собиқ курсисда ўтириб кетар экан...
Мансаб инсонни ҳар куйга солар, экан-да?
Нимага назарим тушса, ҳамммасидан разолат кўраётган эдим.
Қалбимни алам кемирар, "Нега энди мен онамнинг айби учун жавоб беришим керак?" "Нега онамнинг гуноҳи менга қайтиши керак?" деган саволлар билан ўзимни **** битирар эдим.
Бумеранг деб номланадиган нарса бор. Шарқий Осиё мамлакатларида кенг тарқалган қадимий отиш қуроли. Букилган ёғочдан ясалиб,, кўпинча ўроқсимон шаклда бўлади. У отилганда, айланиб, яна отувчининг ўзига қайтиб келади.
Онам отган бумеранг мен орқали ўзига қайтиб келган эди...
Атрофга шом қоронғуси, дилимга хуфтон кириб борарди. Шу пайт қаердандир Азон овози эшитилди.
"Аллоҳ—буюкдир!.. " "Намозга шошилинг!.. "," Нажотга шошилинг!.. "
Заҳ бўлса ҳам бақатераклар остидаги камалакранг ҳарракка бориб ўтирдим. Ёмғир шитирлаб ёғар, атрофда азон саси эшитилар, кўзларимдан ёшлар қуйиларди. Ижтимоий тармоқларнинг бирида ўқигандим "Азон вақтидаги дуо, ёмғир ёғаётган вақтдаги дуолар ижобат бўлади!"
Беихтиёр қўлларимни дуога очдим...
Узоқ дуо қилдим. Кейин ёмғир остида оҳиста юриб кетдим. Эҳтимол, дунёда кечириб бўладиган нарсалар бўлар, аммо, назаримда, ойим қилган хато кечирилмас хатолардан эди. Ёмғирда кетар эканман ўзим билмаган ҳолда қалбимга сокинлик қидириб ёдлаб олганим машҳур шоиранинг шеърларини такрорлаб борардим
Худди кинолардагидек.
Ёзга, қишга кўникади одамзот,
Ҳар не ишга кўникади одамзот,
Садафдек оқ тишлари ташлаб кетса,
Темир тишга кўникади одамзот.
Йўққа, камга кўникади одамзот,
Ҳар не дамга кўникади одамзот.
Гуриллаган қувончи ташлаб кетса,
Ҳатто ғамга кўникади одамзот.
Бахтин олсанг кўникади одамзот,
Тахтин олсанг кўникади одамзот,
Суякларин битта-битта синдириб,
Шахтин олсанг, кўникади одамзот.
Солганига кўникади одамзот,
Олганига кўникади одамзот.
Фақатгина....фақатгина ... боласи ўлмаса бас,
Қолганига кўникади одамзот.
Ҳа, шоира ҳақ, онамни кечириб бўлмайди...
Уйга кириб пойафзалимни ечиб жуфтлаб четга олиб қўйдим. Синглим чиқиб келди
— Опа, чарчамадингизми?
"Йўқ" дегандек бошимни чайқадим.
— Ойим келгунларича гаплашиб олайлик, сизда гапим бор.
Нима гаплигини тахмин қилдим. Синглим ҳам яқинда йигирма беш ёшга тўлди. Олдини боғлаб ўтиришим тўғри эмас.
—Юра қол, —дедим йўл-йўлакай устимдаги ёмғирпўшимни ечиб. Ивиб кетибди. Хонамиздаги столимнинг орқасига илдим. Кроватимга ўтириб, қўлим билан имладим
—Бу ёққа кел! Синглим ёнимга келиб ўтирди
—Гапиравер, Гулҳаё!
— Опа.. Шу...
— Совчи келадиганми?
— Ҳа, Акмал ойисини жўнатмоқчи. Сиз хафа бўлмайсизми?
— Нега хафа бўламан. Лоақал сен бахтли бўлгин. Елкасидан қучдим. Йиғлаб бўйнимга осилди.
— Мени кечиринг, опа!
—Қўй, унақа дема, сенинг нима айбинг бор. Ойимга айтдинг-ми? Ҳаракат қилайлик бўлмаса.
Синглимнинг юзи ёришди. Кўнглимда, барибир, ғалати ҳиссиёт бор эди. "Мен ҳам бахтли бўлишим мумкин эди!"
Дадам ишдан эрта қайтди. Чарчаганлари юз-кўзидан билиниб турарди. Гулҳаё макарон
қовурган экан. Дадам ейишни истамади.
—Маҳлиё, бир айланиб келамизми?-дедилар. Дадам ҳеч қачон шундай таклиф билдирмаган эдилар. Хайрон бўлдим. Ота-бола ёмғир тинган кўчаларда ёнма-ён кета бошладик. Кеч тушган. Чироқлар порлаб тунги Тошкент ажиб бир манзарага кириб борарди.
—Пица еймизми?
— Майли,-дедим оҳиста.
Четроқ жойга бориб ўтирдик. Сариқ айвонли бош кийим кийиб, сариқ пешбанд таққан дастёр қизга буюртма бериб бир-биримизга тикилиб қолдик.
Дадажоним, қариб қолибдилар. Сочларида оқлар, озғин юзларида ажинлар кўпайибди.
— Ишларинг яхшими, қизим?
— Яхши, дада, гуруҳларим кўпайиб қолди. Дадам тўсатдан мавзуни ўзгартирди:
— Қизим, истидрож ҳақида эшитганмисан?
—Йўқ, у нима?
— Ўтган ҳафта жумада домла маъруза қилганда ўзим ҳам биринчи бор эшитдим. Уйга келиб тўлиқ маълумотни қидириб топдим. Сенинг тақдиринг бунақа бўлишида ўз хатоларимизни қидирдим,. қизим.
Истидрож – Аллоҳ таолонинг неъматига ношукрлик қилаётган бандани гуноҳу маъсият қилаётган ҳолига ташлаб қўйиб, уни аста-секин, билдирмай ғазабига олишидир. Бунда Аллоҳ таоло гуноҳ қилаётган бандани дарҳол жазоламай, яхшиликларни сероб қилиб бериб қўяди. Бу эса гўё «қилганингча қилиб ол, ёмонликларинг қанча кўп бўлса, гуноҳларинг шунчалик оғир бўлади, гуноҳларинг қанчалик оғир бўлса, азобинг шунча зиёда бўлади» деган маънони беради.
Оддий қилиб айтсам: Бир кўтариб уриш экан-бу. Аллоҳ бизга истидрож жўнатди.
Мен ҳам фаришта эмасман, аммо шуни биламанки, ҳеч кимнинг дилига озор бермаганман. Иш дедик, бола-чақа дедик, ибодатларга кеч қолдик. Энди ўтган умримга ачиняпман.
Ойингдан хафасан, биламан. Барчамиз хом сут бандамиз. Ойингда худбинлик бор, тўғри, аммо бир нарсани унутма, уни мансаб ўзгартирди
Инсон—хатокор.
Қишлоғимизда бир аёл бўларди. Робия хола деб чақирардик. Ёлғизгина ўғли бор эди. Собиқ Иттифоқ Афғонистонга уруш очган йиллар. Қишлоғимиздан бир-икки йигитлар ҳам ҳарбий хизматни Афғонистонда —уруш ўчоқларида ўтаб қайтиш учун кузатилди. Ўғли текширувдан ўтгач, Афғонистонга кетиши маълум бўлади.
Шунда онаизор йиғлаб, қишлоғимиздан чиққан , юқори лавозимда ишлайдиган аёлнинг ёнига ёрдам сўраб боради. Амаллаб қабулига киради
—Худодан тилаб олган ўғлим, битта-ю битта авлодимнинг давомчиси-шу ўғлимни урушдан олиб қолинг, битта ўғиллиларга енгиллик бор экан-ку, йўли бор экан-ку,-дейди. Менинг назаримда ҳам Робия холанинг ўғли қайсидир амалдор ўғлининг ўрнига юборилмоқчи бўлган.
Мансабдор хоним ҳамқишлоғини обдон тинглагач, унга шундай жавоб беради.
— Ватан чақириғига "лаббай" деб жавоб бермаган ўғил ўғилми? Борсин ўғлинг-дейди
Бечора Робия хола
— Афғонистон қанақасига бизга Ватан бўлсин. Бу-бемақсад урушку, қонхўрлик-ку!
Хуллас хоним, аёлни хонасидан қувиб чиқаради. Онанинг кўнгли сезган экан. Ўғли урушдан темир тобутда қайтади. Робия хола умрининг охиригача шу аёлни қарғаб ўтди. Эшитишимча, раҳбар аёлнинг ҳам бошига одам боласи кўтариши қийин бўлган ташвишлар тушган экан...
Пицамиз келди. Дадам гапиришдан тўхтадилар. Қорним очган бўлса ҳам иштаҳам йўқ эди.
Дадамга чой қуйдим, ликопчаларига бир бўлак пица солиб бердим.
— Ол, ўзинг ҳам, болам. Ўзимга ҳам бир бўлак олдим.
— Дада, нима деб ўйлайсиз, ойим қилган ишларига пушаймон бўлганмиканлар?
—Ойингнинг айби—ўз хатосини кўрмаслигида. Гапирсанг, тан олмайди, насиҳатингни эшитмайди. Унга фақат ўша амали керак.
Ота-бола уйга пиёда кетдик. Дадам тўғри айтадилар. Ойим ўша-ўша — отдан тушса ҳам, эгардан тушмайди. Айбдорлик ҳиси ҳам йўқ.
Синглим учиб-қўниб юрибди, бахтли бўлсин. Шу ҳафта совчилар келса, тўйи ҳам тезлашиб кетар. Бу ёқда укам тайёр. Бир-икки йилда уни ҳам уйлантириш керак.
Шанбадан тайёргарлик бошланди. Якшанба куни эса кутган совчиларимиз келмади!
Йигитнинг телефони ўчирилган эди.
Синглим жинни бўлаёзди. Орадан уч кун ўтиб Акмал орани очиқ қилиш ҳақида хабар ёзиб жўнатибди.
Гулҳаё ўзини бошқара олмас, кўз ёшларини яшириб ўтирмас, тинмай телефонига тикилар эди. Тўрт йил гаплашиб юрган йигит бирдан уйланмайманга тушиб қолганди.
Орадан ўн кунлар ўтгандан кейин Гулҳаё сал тинчиб қолди.
Ўша куни жудаям чарчагандим. Дарсим кўп эди. Энди кўзим илинган экан. Синглимнинг
— Маҳлиё опа,-деган овозидан уйғониб кетдим.
— Ҳа, Гулҳаё, нима бўлди?
—. Акмал нимага ташлаб кетганини билдим...
Ўрнимдан туриб, синглимнинг ёнига бордим, оёқ томонига ўтирдим.
— Хўш?
— Онаси ойимнинг ишхонасига бориб суриштирибди. Бир аёл роса қарғаб йиғлабди. Ойим шунақа ёмонмилар, опа? Шунақа золиммилар?
—Бу гапни ким айтди сенга?
—Акмалнинг ишхонасига бориб кутиб турдим, жавоб беришини талаб қилдим. Ойиси ўша қизга уйлансанг розимасман, онасини уч одамдан суриштирдим, учаласи ҳам ёмон деб айтди, дебди. Онам қанақа аёл ўзи? Онам ёмон бўлсалар менда нима айб? Ҳиқиллаб йиғлай бошлади у.
—Қўй, йиғлама, ҳали ҳаммаси яхши бўлади.
—Яхши бўлмайди, опа, мен Акмални чинданам яхши кўраман. Бошқасига уйланса, чидолмайман. Сиз Абдғаффорни севмагансиз, шунинг учун осон ўтиб кетдингиз.. Мен энди уни қандай унутаман. Номард! Онам бир баҳона бўлган унга. Энди қандай яшайман, опа!
Синглим эзилиб йиғлар, бағримга босиб овутишга ҳаракат қилардим.
Бизга бошқа совчи келмади. Тавба, худди қарғиш текканга ўхшардик. Балки чиндан ҳам қарғиш теккандир. Негадир, кейинги пайтларда ҳаёлимга "Ойим тавба қилиши керак!" деган фикр ўрнашиб қолган эди. Онам бечора иккимиздан ҳам қочиб юрибди, аммо ўзини айбдор ҳисоблаш нияти ҳам йўқ. Худди ҳеч нарсага алоқаси йўқдек юрибдилар. Биламан, туққан онамни ёмонлашга ҳақим йўқ, яна шуни ҳам биламанки, оналар муҳокама қилинмайди. Уларни борича қабул қилиш, борича севиш керак, аммо ҳаётимизда нимадир ўзгариш қилиш керак эди, токи бу тавқи лаънат биздан кетсин.
Синглим ёмон қийналди.
Фақат битта яхши янгилик бор эди. Дадам билан укам намозга тушиб кетдилар. Уйимизнинг об-ҳавоси ўзгара бошлади. Укам ҳам ўқишни битириб архитектура соҳаси бўйича ишга кирган, секин-аста бизнинг қалбларга ҳам бир сакинат кириб кела бошлаган эди.
Фақат уйимизда ҳеч кимнинг ойимга кучи етмас, уларни ишдан бўшаб, уйда ўтиришга мажбур қилолмас эди.

Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 3