Свернуть поиск
Дополнительная колонка
Правая колонка
---------
1. “Ақида” деганда нимани тушунамиз?
“Ақида” арабча сўз (عقيدة) . Унинг илдизи — “ақада" (عقد) яъни боғламоқ, маҳкам ушламоқ, тугун боғламоқ деган маънони беради.
Демак, ақида — бу қалб маҳкам боғлаган нарса. Инсон ичида ишониб, таянч қилиб олган эътиқоди.
Аслида ҳар биримизда ақидамиз (дунё қарашимиз) бор — фақат ҳамма ҳам буни фарқлай олмайди.
Масалан:
• кимдир “ҳаётда ҳамма нарса пул билан ҳал бўлади” деб ишонса — унинг ақидаси шу;
• кимдир “одамлар ёмон, ҳеч кимга ишонмаслик керак” деб яшаса — унинг ақидаси шу.
Яъни ақида — инсон нимага ишониб яшаши. Таъбир ўхшатиш жоиз бўлса бу инсонни ўзи учун тузуб олган яшаш тарзи, дастури, "программаси".
Биз мусулмонлар учун эса ақида — Аллоҳ, иймон ва Охират ҳақидаги ишончимиз.
2. Шариатда ақида нима?
Содда қилиб айтганда: Ақида — Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, Охират кунига ва тақдирга ишониш, бу ишончни қалбда маҳкам тутиш. (тугуш,дастур қилиш)
Бу — иймоннинг пойдевори. Уй қандай қилиб пойдеворсиз турмаса, иймон ҳам ақидасиз турмайди.
Расулуллоҳ ﷺ бир куни саҳобалар билан ўтирганда, бир киши келиб: “Иймон нима?” деб сўради. У зот ﷺ: “Аллоҳга, фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, Охират кунига ишонишинг ва тақдирга — яхшию ёмони Аллоҳдан эканига ишонишингдир. ...", дедилар. (Муслим ривояти, Жибрил ҳадиси)
3. Нега бу менга керак?
Кўпчилик: “Мен мусулмонман, Аллоҳ бор, Муҳаммад ﷺ пайғамбар — бўлди-да, яна нима керак?” дейди.
Тўғри, бу — иймоннинг асоси. Лекин савол шу: мен нимага ишонаётганимни биламанми?
Мисол қилайлик:
• Бир одам “бу дори фойдали” деб ичса, лекин ичида нима борлигини билмаса — у дорига эмас, кимдир айтганига ишонган бўлади.
• Бир одам “бу йўл тўғри” деб юрса, лекин қаерга олиб боришини билмаса — у йўлга эмас, одатига эргашган бўлади. Иймон ҳам шунга ўхшайди.
Ақидани билсак:
• қийинчиликда сабр қилиш осон бўлади;
• қўрқувда юпанч топамиз;
• яхшилик қилганда савобимиз борлигини билиб, хурсанд бўламиз;
• ёлғизликда Аллоҳ биз билан эканини ҳис қиламиз. Ақида — фақат китобдаги гап эмас. У ҳар куни ишлатиладиган нарса.
4. Ақиданинг (иймоннинг) олти аркони — содда тилда
Аллоҳга ишониш. Аллоҳ — ягона, тенгсиз, ҳамма нарсани яратган Зот. У бизни кўради, эшитади, билади. Ундан яшириниб бўлмайди.
Фаришталарга ишониш. Улар — Аллоҳнинг биз кўрмайдиган хизматкорлари. Улар бизни кузатиб, яхши-ёмон ишларимизни ёзиб борадилар.
Китобларга ишониш. Аллоҳ пайғамбарларга китоблар юборган. Бизгача етиб келгани — Қуръон. У — Аллоҳнинг сўзи, ўзгармаган.
Пайғамбарларга ишониш. Аллоҳ ҳар халққа пайғамбар юборган. Охиргиси — Муҳаммад ﷺ.
Охират кунига ишониш. Бу ҳаёт билан ҳамма нарса тугамайди. Бир кун ҳар бир инсон ҳисоб беради. Яхшилик қилган — яхшилик топади, ёмонлик қилган — жавоб беради.
Тақдирга ишониш. Ҳаётда бўладиган нарса Аллоҳнинг илми ва изни билан бўлади. Бизга фақат ҳаракат қилиш ва сабр қилиш қолади.
Буларнинг ҳаммаси — қалбдаги ишонч. Тилда айтиш оз, қалбда бўлиши керак.
5. Ақида қалбда бўлса, ҳаётда қандай кўринади?
Ақидани кўз билан кўрмайсан, лекин амалда кўринади:
• Сабр — иш ёки пул ёки соғлиқ ёмон бўлганда “нега менга шундай бўлди?” деб исён қилмаслик. “Аллоҳ билади, бир ҳикмати бор” дейиш.
• Таваккул — қўлингдан келганини қилиб, кейин натижани Аллоҳга топшириш. Ишламасдан “тақдир” деб ўтириш эмас.
• Шукр — бор нарсага “оз” демаслик. Бир парча нонга ҳам “Алҳамдулиллоҳ” дейиш.
• Тўғрилик — ҳеч ким кўрмаса ҳам ёлғон гапирмаслик. Чунки Аллоҳ кўряпти.
• Одоб — ота-онага, қўшнига, одамларга яхши муомала. Чунки бу — иймондан. Демак, ақида — ичингдаги ишонч, ташқаридаги амалинг.
6. Ақидага зиён берадиган нарсалар
Буни билиш муҳим — касалликни билмай туриб уни даволаб бўлмайди. Шунингдек эътиқодимизни асраш учун унга зарар берадиган нарсаларни ҳам билишимиз керак:
Ширк — Аллоҳга шерик қўшиш. Масалан: бирор нарсадан “фойда беради” деб қўрқиб, Аллоҳдан эмас, ўша нарсадан мадад сўраш. Ёки “менинг тақдиримни фалончи ҳал қилади” деб ишониш. Бу — энг катта хато.
Нифоқ — ичида бошқа, тилида бошқа. “Мен мусулмонман” дейиш, лекин ичида иймонни ёлғон деб билиш. Ёки фақат одамлар учун мусулмон бўлиб кўриниш.
Бидъат — динда Аллоҳ ва Пайғамбар ﷺ ўргатмаган нарсани “дин” деб қўшиш. Масалан: “бу дуони ўқисан, албатта шундай бўлади” каби асоссиз гаплар. Динни ўзгартириш эмас, уни тоза сақлаш керак.
Хурофот — фол, сеҳр, кўзмунчоқ каби нарсалар. Булар иймонни заифлаштиради. Чунки инсон Аллоҳга эмас, бошқа нарсаларга боғланиб қолади.
Муҳим: бировни “кофир” ёки “диндан чиққан” деб айтиш — бизнинг ишимиз эмас. Биз ўзимизни тузатамиз, бировга ҳукм чиқармаймиз.
7. Ҳаётдан мисол
Билол Ҳабаший (р.а.). У қул эди. Эгаси уни қуёш остида, тош устида ётқизиб, “Муҳаммаддан воз кеч!” дерди. У эса фақат битта сўз айтарди: “Аҳад! Аҳад!” — “Аллоҳ ягона! Аллоҳ ягона!”
Унинг ақидаси шундай мустаҳкам эдики, азоб уни синдира олмади. Кейин у Исломнинг энг азиз инсонларидан бири бўлди.
Савол: ундай куч қаердан келган? — Ақидадан.
Биз ҳам ҳаётда қийинчилик кўрганимизда шу саволга жавоб берамиз: “Менинг ишончим қанчалик мустаҳкам?”
8. “Мен намоз ўқимайман, ақида керакми?” — ҳа, керак
Кўпчилик шундай ўйлайди: “Намоз ўқимасам, ақида нимага керак?”
Аслида тескариси: ақида — пойдевор, намоз — устун. Пойдевор бўлмаса, устунни қаерга қўясиз?
Намоз ўқимайдиган одам ҳам Аллоҳга ишонади. У ҳам қийинчиликда “эй Аллоҳ” дейди. У ҳам ўлган одам ҳақида “жойи жаннатда бўлсин” дейди.
Демак, ичингда иймон бор. Фақат унга асос бериш керак. Ақида — шу асос.
Ва шуни ҳам айтиш керак: намоз ўқимаслик — гуноҳ, лекин умидсизлик ҳам яхши эмас, Аллоҳ кечирувчи, раҳмли. Бир кун бошлаш учун ҳеч қачон кеч эмас.
Ким билса — билганига амал қилсин. Ким билмаса — ўргансин. Ким ҳали бошламаган бўлса — бир қадам ташласин. Аллоҳ ҳаммамизга ёрдам берсин.
9. Хулоса
• Ақида — қалбдаги ишонч.
• Иймон — шу ишончга таяниб яшаш.
• Амал — шу ишончнинг ташқарига чиқиши. Уч нарса бир-биридан ажралмайди: ишонч — сўз — амал.
Ақида мустаҳкам бўлса:
• қийинчиликда сабр қиламиз;
• яхшиликда шукр қиламиз;
• ёлғизликда ҳам ёлғиз эмасмиз. Чунки бир нарсани биламиз: Аллоҳ биз билан. Ва Аллоҳу Аълам. Тавфиқ Аллоҳдан.
Эй Аллоҳ! Иймонимизни мустаҳкам қил, ақидамизни тоза қил, қалбларимизни шак-шубҳадан, хурофотдан ва ёлғон ишончлардан покла. Бизни Ўзингга боғлаган бандаларингдан айла. Омин.
#Ақида #Иймон #Ислом #Тафаккур

Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев