Свернуть поиск
Дополнительная колонка
Правая колонка
(ҳикоя)
Муҳайё уйқудан карахт кайфиятда уйғонди. Лоҳас аҳволда ўрнида бироз ўтирди-да, кейин супага чиқди. Хўжайини хизмат сафарида, болалари оромгоҳда бўлгани сабабли, 2 кундан бери ёлғиз эди. Эндигина ёришиб келаётган тонгнинг мунаввар нурлари, ёзнинг барча тароватли бўйларини ўзида жамлаган енгилгина шабада ҳам унинг хаёлчан кайфиятига ҳеч қандай таъсир қилмагандай эди. Ёш аёл гулзор ёнидаги водопровод жўмрагини бураб, муздай сувга юзини чайгандан кейингина бироз хаёлларини жамлагандай бўлди. Ошхонага кириб, стулга оғир чўкаркан, бирданига саҳарда кўрган туши ёдига тушиб, эти жунжикиб кетди.
Бундан икки йил олдин вафот этган якка-ю-ёлғиз укаси тушига кирибди...
Раҳматли укаси Нодиржон оилада олти қизнинг ўртасида ўсган ёлғиз ўғил бўлиб, баланд бўйли, хушсурат, хушфеъл, кулганида бир текис чиройли тишлари ўзига ярашадиган ақлли йигит эди. Муҳайё укасининг оғзидан бир оғиз ножўя сўз эшитганини эслолмайди. Кутилмаганда мотоциклда кетаётган Нодиржонни катта юк машинаси туртиб юбориб, у 25 ёшида вафот этди. Йигитни яқиндагина унаштиришган, тўйига 2 ойча муддат қолганди.
Бу фожеа оиладагиларни гангитиб қўйди. Ҳамманинг орзуси бир кунда саробга айланганди. Бундан бир йилча олдин оиланинг устуни бўлган – ота касаллик туфайли эрта вафот этган, кейин Нодиржоннинг бирданига бу дунёни ташлаб кетиши опа-сингиллар-у,уларнинг онаси Озода опани ҳам гангитиб қўйгандек эди. Муҳайё бўлса,ўшанда жинни бўлиб қолмаганига ҳалигача ҳайрон қолади. Аёл шу қадар тушкунликка берилган эдики, кўзига на эри, на бири-биридан ширин ўғил-қизи кўринар, ҳар куни бир марта қабристонга бориб укасининг қабри тепасида кўз ёши қилишни канда қилмасди. Унга ҳаётнинг, яшашнинг ҳеч бир қизиғи қолмагандай, дунёда уни хурсанд қиладиган бирор хурсандчилик йўқдай туюларди. Асаби чарчаганидан боши оғрийдиган бўлиб, касалхонага ҳам тушиб чиқди.
Охири бўлмади. Муҳайёнинг турмуш ўртоғи Фикрат ака қайнонаси билан маслаҳатлашиб, уйга “нафаси кучли” деб ном чиқарган Муҳаммадали муллани олиб келди. У Муҳайёга бу иши ношукурчилик эканлиги ҳақида ибратли ривоятлар айтиб берди.Ўлим ҳамманинг бошида борлигини тушунтирди, унга таскин бериб, Қуръондан муқаддас оятларни ўқиб, ёш аёлнинг руҳан тетиклашишига ёрдам бергандек бўлди. Шу ҳаракатлар таъсири остидами, Муҳайёга укасининг дарди бироз унутилгандай туюлди. Аммо бугун тонгга яқин кўрган туши битаёзган ярага яна туз сепгандек бўлди, гўё.
Тушида Муҳайё ота ҳовлисида эмиш. Олди ойнаванд катта хона деразасидан Нодиржон унга қараб жилмайиб турганмиш. Муҳайё хонага кириб Нодиржонни маҳкам қучоқлаб ўпибди. Соғинганини айтиб йиғлабди. Укаси бўлса жимгина қараб турган экан. Опасининг дарди-ҳоли тугаши билан, Нодиржон бу ҳаммаси тақдири-азаллигини, 25 ёшида тириклар дунёсини ташлаб кетганидан асло хафа эмаслигини айтибди.
-Опажон,-дебди у яна. Сиз ҳаммадан ҳам кўп йиғлайсиз. Мени кўп эслаб йиғламанг.Ундан кўра болаларингизни, ўзингизни ўйланг. Мени соғинсангиз, руҳимга бағишлаб дуои-фотиҳа ўқинг, кўпроқ тиловат қилинг.
- Қўйсанг-чи, бунақа гапларни. Мен сени жудаям соғинганман. Энди ҳеч қаёққа қўйиб юбормайман,-дебди Муҳайё.
-Йўқ,опажон унда деманг. Мен сизни кўриш учун рухсат олиб келганман,-дебди Нодиржон атрофга аланглаб. -Ҳозир мени олиб кетгани келишади.
-Ким у сени олиб кетадиган? Ким бўлса ҳам мен уни калтак билан бир уриб, ҳайдаб юбораман,-дебди Муҳайё ва югуриб ҳовлига чиқибди. Туш эмасми, қўлида бир зумда қаердандир калтак ҳам пайдо бўлиб қолганмиш. Шу пайт дарвоза очилиб, биров кириб келибди. Муҳайё қараса, рўпарасида киноларда кўргани каби бошига кулоҳ, эгнига узун чопон кийган, қўлида қўнғироқли ҳасса тутган баланд бўйли, қиррабурун, хушрўй дарвеш “Ё,дўст,ё оллоҳ”,-деб турганмиш. Қўлида калтак тутиб турган Муҳайёга дарвеш кўзидан яшил учқунлар сачратиб, шундай ўқрайиб қарабдики, аёл беихтиёр калтакни улоқтириб тиз чўкканча, ундан кечирим сўрабди. Аммо барибир укасини қўйворгиси келмай,йиғига зўр берибди. Дарвеш опа-уканинг суҳбатига халақит бергиси келмагандай, дарвозахонадаги стулга ўтириб олибди.
-Опажон яна айтаман,бошқа йиғламанг Мен тушингиз
да бўлса ҳам тез-тез келиб тураман, мен ўзи ҳар доим сизлар билан биргаман-у, фақат сизлар мени кўролмайсизлар-да. Ҳатто Меҳри, Маҳлиё, Гули сингилларимнинг тўйларига ҳам дадам билан бирга келганмиз, кузатганмиз. Менинг борган жойим бу ердан қанчалар яхшилигини тасаввур ҳам қилолмайсизлар. Бу у ёқда кўпчиликмиз. Бобом, бувим, амаким , тоғаларим, ҳаттоки кичик Наргис ҳам биз билан бирга. (Наргиз амакиларининг 5 ёшли набираси бўлиб, яқинда оққон касаллигига чалиниб, вафот этганди.) Ҳа,айтгандай, кенжатойимиз Гули яқинда ўғилчалик бўлади. Опажон, онамга ўзингиз яхшироқ қаранг, насиб бўлса онамларнинг умрлари узоқ бўлади. Мен энди кетишим керак.-дебди Нодиржон хотиржам. Кейин у дарвозахонада уни кутиб турган дарвешга эргашиб, чиқиб кетибди. Муҳайё ҳушини йиғиб уларнинг орқасидан югуриб чиқса, кўчада ҳеч ким йўқ эмиш...
Худди шу жойда Муҳайё уйғониб кетганини эслайди. ”Тавба,-ўйлади у. -Шунақа ҳам аниқ-тиниқ туш бўлиши мумкинми?” Охири у кўп ўйланиб ўтиришдан зерикиб, жойидан турди. Бўғирсоқ қилиб қўшниларга тарқатиш ниятида хамир қорди. Кейин эса таҳорат олиб жойнамозга ўтиргунча ҳам кўнглининг бир чеккасини кўрган туши банд қилиб турганини ҳис этди.
Ибодат қилиб бўлгач билганича Қуръони каримдан оятлар ўқиган Муҳайё бўғирсоқ пишириб, қўшниларга, кўчадаги болаларга тарқатди. Ҳар икки фарзанди оромгоҳда бўлгани учун шундай кичик юмуш қолиб ўзига қолиб кетганидан қалбида қандайдир завқ ва осойишталик туйди. Дарвозасининг олдидан оқиб ўтадиган ариқча ёнида чўккалаб, сувга кўрган тушини айтди. Кейин уйга кириб,тоза кийим кийди. Бошига чиройли рўмолини ўраётганда ойнадаги аксига кўзи тушди. Кўзларида қандайдир ҳаловат, ўзгача нур сезгандай бўлди. Кейин бўлса, иккита нон орасига бўғирсоқ ва ширинликлардан солиб янги белбоққа ўради. Йўлга отланиб, энди хонадан чиққан пайтда, ҳовлига кириб келаётган синглиси Меҳрига кўзи тушди.
- Ассаломуалайкум. Опажон, суюнчига келяпман. Гули паҳлавондек ўғил кўрди. Ўзиям нақд 4 кило туғилди, деди Меҳри хурсанд саломлашаркан. -Онам ҳам ўша ерда “ўғил неварам яна биттага кўпайди”-деб қувониб ўтирибдилар. Кўрсангиз қуйиб-қўйгандек Нодиржон раҳматлига ўхшайди.
- Умри ўхшамасин, илоҳо. Жиян муборак бўлсин, деди Муҳайё жилмайиб синглисини қучоқларкан. Худойим умри, ризқи билан берган бўлсин. Ҳамма хурсанд бўлиб ўтиргандир-а.
-- Хурсандчиликни сўраманг энди. Вой, куёвнинг қувонганини кўрсангиз. Юринг, бирга туғруқхонага бориб, чақалоқни кўриб келамиз. - деди хурсанд кайфиятда Меҳри. Ўғил туғилди деб, дунёларга сиғмаяпти. Дилшод қўйишармиш исмини.
-Майли туғруқхонага бирга борамиз. Лекин ҳозир бирга қабристонга бориб келайлик, -деди Муҳайё. -Ўтганларнинг руҳига Қуръон тиловат қилиб келайлик.
Меҳри унга бир қаради-ю, индамай эргашди. Опасининг дарду-изтироблари ўзи учун ҳам бегона эмаслигини ҳис қилгани учунми, “нимага?” деб сўрамади ҳам. Муҳайё илдам қадамлар билан кўча бошига қараб юраркан, тонгги ҳорғинлиги тарқалиб кетганини ҳис қилди. Аввал ўзи тасаввурига ҳам сиғдиролмаган илоҳий бир дунё мавжудлигига ич-ичидан имон келтираркан, дунёда одамзоднинг ақли етмайдиган, тушунтириш қийин бўлган мўъжизалар кўплиги ҳақида ўйлади. Синглиси билан янги туғилган чақалоқ ҳақида гаплашиб кетаркан, вужудида Нодиржон вафот этган ўша мудҳиш кундан буён ўзини ҳалигача азоб бериб келаётган оғир айрилиқ доғи, мотам юки елкасидан қулагандай эди. Аёл ҳаётда туғилиш ва ўлим ҳар қадамда ҳамдам эканлиги, тириклик доимо давом этиши ҳақида ўйлади. Ўзининг бу ҳолатини ундан нималарнидир сўраб, ўзича кимлар ҳақидадир берилиб сўзлаб кетаётган синглисига тушунтириш мушкул бўлса-да, қалби ёруғ, руҳи эса алланечук енгил эди. Моҳигул Назарова.

Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев