Свернуть поиск
Дополнительная колонка
Правая колонка
--------
Ҳар даврда одамлар раҳбарларидан норози бўлиб, “Нега ҳокимлар адолатсиз?”, “Нега халқ оғриғини эшитмайди?” деб шикоят қилишган.
Бу саволга жавоб сифатида эл орасида битта машҳур гап бор:
“Халқ қандай бўлса, шундай раҳбар келади.”
Бу сўзни баъзилар “ҳадис” деб ўйлайди, аммо бу ҳадис эмас. Лекин у Қуръон ва суннат маъноларига тўлиқ мос сўздир. Яъни, бу гапда жон бор — чунки у Аллоҳнинг яратган адолат қонунига асосланади.
Аллоҳнинг қонуни – “Қавм ўзини ўзгартирмагунча…”
Қуръони Каримда шундай буюк оят бор:
“… Аллоҳ бир қавмнинг аҳволини, улар ўзларини ўзгартирмагунча, ўзгартирмас. … ”
(Раъд сураси, 11-оят)
Бу оят бизга катта сабоқ беради:
одамлар ўз руҳини, ақидасини, ахлоқини тузатмас экан, уларнинг ҳаёти, давлатлари ёки раҳбарлари ҳам тузалмайди.
Яъни раҳбар — халқнинг ичидаги ҳолатнинг кўзгуси.
Золим халққа золим раҳбар
Қуръонда яна шундай оят бор:
“Биз золимларни, қилган ишлари сабабли, бир-бирларига мусаллат(ҳукумрон)қиламиз.”
(Анъом сураси, 129-оят)
Яъни агар халқ золим бўлса, ҳақни ёмон кўрса, ҳалолликдан юз ўгирса — Аллоҳ уларнинг устидан ҳам худди шундай золимни раҳбар қилади.
Бу — Аллоҳнинг адолати. Чунки Аллоҳ ҳеч қачон халқка зулм қилмайди, балки одамлар ўз-ўзларига зулм қилади.
Расулуллоҳ ﷺ нинг шу маънога мос сўзлари:
“Сизлар қандай бўлсангизлар, устингизга шундай раҳбарлар тайинланади.”
(Байҳақий “Шуабул иймон”, Ибн Абиддунё “ал-Иқоб” — санади заиф, маъноси тўғри)
Бу ҳадис саҳиҳ бўлмаса ҳам, маънавий жиҳатдан Қуръон оятларига мос келади.
Чунки тарих гувоҳ: ҳар бир миллат ўз амаллари билан раҳбарларини “лойиҳалайди”.
Уламоларнинг фикри
🔹 Ибн Қоййим (р.ҳ.):
“Аллоҳ Таоло одамларнинг амалларига қараб уларга ҳукмдор юборишни одат қилган.
Агар халқ тўғри бўлса — раҳбар ҳам тўғри бўлади,
агар бузилса — раҳбар ҳам бузилади.”
(“ал-Жавоб ал-Кофий”, 1-жуз)
🔹 Ибн Таймия (р.ҳ.):
“Агар халқ адолатни тарк этса, Аллоҳ уларнинг устидан золимни ҳукмдор қилади.”
(“Мажмуъул Фатава”, 28/146)
🔹 Имом Ғаззолий (р.ҳ.) “Иҳё улумиддин” асарида:
“Ҳукмдор — халқнинг амалининг сояси.
Соя тўғри бўлиши учун тананинг тўғри бўлиши керак.”
Бу сўзларда катта ҳаёт ҳақиқати бор.
Бугунги кун учун сабоқ
Кимдир “Раҳбар адолатсиз!” дейди, кимдир “Тизим бузуқ!” деб нолийди.
Лекин, агар халқнинг ўзи:
• ёлғонни одат қилган,
• порахўрликни “ҳар нарса ҳал бўлади” деб биладиган,
• масжиддан юз ўгирган,
• халол-харомга қарамай рибо ейдиган,
• бировни хаққидан қўрқмайдиган,
• ҳақ гапни эшитганда ғазабланадиган бўлса —
бундай жамиятга адолатли раҳбар келиши қийин.
Чунки адолатли раҳбар адолатни яхши кўрувчи халқдан етишиб чиқади.
Хулоса
“Халқ қандай бўлса, шундай раҳбар келади” —
ҳадис эмас, лекин ҳақ сўз, илоҳий қонуният ва тарихий ҳақиқат.
• Халқ иймонли бўлса — раҳбар ҳам тақводор бўлади.
• Халқ адолатни суйса — раҳбар ҳам адолатли бўлади.
• Халқ золим бўлса — раҳбар ҳам золим бўлади.
Шундай экан, раҳбарлар ислоҳ бўлишини хоҳласак,
аввало ўзимиздан, оиламиздан, қавмимиздан ислоҳни бошлашимиз керак.
Шундагина Аллоҳ таоло “устимиздаги аҳволни” ҳам ўзгартириб қўяди.
Албатта, бу раҳбарлар ўз масъулияти ва зулмидан озод бўлади дегани эмас. Ҳар бир раҳбар ўз подшоҳлиги ва фуқароси учун Аллоҳ олдида алоҳида жавоб беради. Лекин жамият сифатида умумий ҳолатимиз тузалишининг калити — ўзимизни ислоҳ қилишдадир.Ва Аллоҳу Аълам. Тавфиқ Аллоҳдан.
اللَّهُمَّ لاَ تُسَلِّطْ عَلَيْنَا بِذُنُوبِنَا مَنْ لاَ يَخَافُكَ فِينَا وَلاَ يَرْحَمُنَا
Аллоҳим! Гуноҳларимиз сабабли устимизга Сендан қўрқмайдиган ва бизга раҳм қилмайдиганларни мусаллат (ҳукмрон) қилиб қўйма.
#Тафаккур #Адолат #тадаббур

Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев