Свернуть поиск
Дополнительная колонка
Правая колонка
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сизнинг ичингизда икки нарсани қолдирдим. Икковларини маҳкам ушласангиз, зинҳор залолатга кетмассиз. Булар - Аллоҳнинг Китоби ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннати», дедилар».
Имом Молик ривоят қилган.
Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, мен сизнинг ичингизда, агар маҳкам ушласангиз, зинҳор залолатга кетмайдиган нарсани қолдириб кетувчиман. Уларнинг бири иккинчисидан улуғдир. Аллоҳнинг Китоби осмондан ерга тортилган бир арқондир. Ва итратим, аҳли байтим, икковлари қошимга ховузга келгунларича бир-бирларидан зинхор ажрамаслар. У икковларида менга қандай ўринбосар бўлишингизга бир назар солинглар!» дедилар».
Термизий ва Муслим ривоят қилганлар.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони Карим ёнига ўз итратларини қўшмоқдалар. «Итрат» сўзи яқин қариндошлик (насл), демакдир. Бу сўзни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари «аҳли байт» деб ҳам баён қилиб қўймоқдалар. Ҳозирча Аҳли сунна ва жамоа наздида Оли байт - ҳазрати Али ва Фотимадан тарқалган насллар, Оли Аббос, Оли Жаъфар ва Оли Ақийллар эканини билиб олсак, етарли бўлади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадисларида ҳар бир мусулмон Қуръони Карим билан қўшиб, ўзларининг Оли байтларини ҳам маҳкам ушлаб, уларнинг айтган насиҳат ва кўрсатмаларига амал қилиши зарурлигини таъкидламоқдалар. Бу ҳар бир мусулмоннинг бурчидир. Чунки Оли байт доимо мусулмонларни Қуръон ва Суннатга амал қилишга чақирганлар. Узлари бу ишда бошқаларга ибрат бўлганлар. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадиси шарифда:
«Икковлари қошимга ҳовузга келгунларича бир-бирларидан зинҳор ажрамаслар», деганлар.
Ҳовуздан мурод, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайхи васалламнинг қиёматдаги ҳовузлари. Демак, қиёматгача Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли байтлари Қуръони Каримдан ажрамаслар, Қуръони Карим улардан ажрамас.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайхи васаллам ҳадиснинг охирида:
«У икковларида менга қандай ўринбосар бўлишингизга назар солинг», демоқдалар.
Яъни, Қуръон ва аҳли байтимда менинг ўринбосарим сифатида нима қилишингизга бир назар солиб қўйинг, эҳтиёт бўлинг, демоқчилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу амрларига фақат Аҳли сунна ва жамоа мусулмонларигина тўғри ва тўлиқ амал қилмоқдалар. Қолганлари эса ё у ёққа, ё бу ёққа бурилиб, хатога йўл қўйдилар.
Баъзилар аҳли байтни камситиб, уларни ҳақорат қилдилар. Ҳеч бўлмаганда, уларни ўзларига тенг кўрдилар. Аҳли байтнинг қадрини муносиб ўринга қўймадилар.
Бошқалар эса аҳли байтни илоҳийлаштириб, Аллоҳ ҳам, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам, аҳли байтнинг ўзи ҳам айтмаган юқори даражага кўтарадилар. Бу ишда ҳаддан ошиб, бошқа саҳобаларни кофирга чиқарадилар. Кетма-кет хатоларга йўл қўядилар. Аҳли байтнинг ҳурмати уларнинг қабрларига бинолар қуриш, зиёрат қилиш, мадҳиялар ўқиш, бу ишда уларга қўшилмаганларга лаънат айтишда, деб биладилар.

Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1